← globalread.info

darakchi.uz · 10/13/2026 · 0 views

Share this story

Эҳтиёжманд оилаларга иситиш мавсумида 1 млн сўмдан ёрдам берилиши мумкин

Story illustration

Жорий йил ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилиши мумкин. Бу ҳақда 13 октябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Президент фармони лойиҳасида сўз боради.

Лойиҳага кўра, ёрдам Ижтимоий реестрга киритилган оилалардан ташқари, реестрда бўлмаган, аммо «маҳалла еттилиги» хулосаси асосида белгиланган мезонларга мос келадиган оилаларга ҳам берилиши мумкин. Бунда оиладаги ҳар бир киши ҳисобига тўғри келадиган даромад минимал истеъмол харажатларининг (МИХ) икки бараваридан ошмаслиги керак.

Марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар учун даромад мезони вилоятларда МИХнинг икки баравари, Тошкент шаҳрида эса уч баравари этиб белгиланиши таклиф қилинмоқда. Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестридаги фуқаролар, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ҳам ёрдам олиши мумкин.

Маблағлар 2026 йил 30 ноябрга қадар фуқароларнинг ижтимоий ёки банк карталарига ўтказилиши режалаштирилган.

Лойиҳада электр энергияси ва табиий газ учун компенсация олишда даромад мезонини МИХнинг 1,5 бараваридан икки бараваригача ошириш таклиф этилмоқда. Кўмир хариди учун ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали бериладиган ёрдам мезонини эса МИХнинг бир бараваридан икки бараваригача кўтариш кўзда тутилган.

Электр энергияси ва табиий газ учун компенсация тўлаш муддатини 2028 йил 1 апрелгача, кўмир учун ёрдам муддатини эса 2029 йил 1 январгача узайтириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, "оғир" тоифадаги маҳаллаларда давлат таъминотидаги 3 мингта оила хонадонининг девор ва томларини иссиқликдан ҳимоялаш, энергия тежамкор эшик-ромлар, қуёш панеллари ёки гелиоколлекторлар ўрнатиш ишларини давом эттириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади.

Газлаштирилмаган ва табиий газ етиб бориши қийин ҳудудларда иситиш мавсумида электр энергиясининг базавий меъёрини ойига 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатгача ошириш ҳам таклиф қилинмоқда. Тегишли қарор 2026 йил 1 ноябрдан кучга кириши кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамасининг бошқа қарор лойиҳасига кўра, 2026 йил 1 ноябрдан аҳоли учун марказлашган иситиш ва иссиқ сув хизматларига янги тарифлар жорий этилиши кутилмоқда. Иссиқлик таъминоти тарифларини 2030 йилга қадар босқичма-босқич таннарх даражасига етказиш режалаштирилган.

Яна бир қарор лойиҳасида аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана нархини бир килограмм учун 5 минг сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Бироқ бу нарх бозор қийматини тўлиқ акс эттирмайди: биржадаги нарх билан аҳоли учун белгиланган нарх ўртасидаги фарқ ва етказиб бериш харажатлари бюджет субсидиялари ҳисобидан қопланади.

Эҳтиёжманд оилаларга эса 2030 йил 1 январга қадар суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўмдан компенсация тўлаш таклиф этилмоқда. Бунда бир оила учун ойлик компенсация миқдори 20 килограмм газ билан чекланади.

Қайд этиш жоизки, келтирилган чоралар қарор ва фармон лойиҳаларидаги таклифлар бўлиб, уларнинг якуний мазмуни қабул қилинадиган ҳужжатларга боғлиқ.

Article image
Article image
Article image
Article image
Source: darakchi.uz ↗
Share this story

Ask globalread.info

AI news & website helper
What would you like to explore?

I can find stories, explain headlines, or help you use globalread.info.

AI can make mistakes. Check the linked sources. Questions are sent to OpenAI.