“БОРОЛМАЙДИ”
Қатралар
Унга давр тегди. Ўзини кўрсатиб қўйиш учун ишни ўзининг қишлоғидан бошлади. Ҳар тўкисдан бир айб қидирди. На каттани билди, на кичикни. Кибр бутун вужудини ўргимчак тўридай ўраб олди. От устида туриб гапирди. Пастга тушмади…
Умр – дарё. Оқди-ю кетди…
Мансаб – омонат, бошқа эга чиқди…
У эса… Қишлоғини соғинади.
Лекин… Боролмайди.
Боришга бети йўқ…
ХОМТАЛАШ
Ўзи-ку кетди, аммо ортидан арининг уяси бузилди. Отадан қолган мулк болалар ўртасида хомталаш бўлди. Машина, данғиллама ҳовли, қатор-қатор дўконлар, пуллар. Хуллас, ҳали ўликни кўммай туриб оға-инилар ўртасида зимдан «кураш» бошланди. Сўнг судвозлик…
Уларни кузатиб турганлар кўнглидан шундай гап ўтди:
«Мол-мулки, пули бор экан-у, ақли йўқ экан. Топганини ноқобил болаларига тақсимлаб кетмайдими?..»
«БИЛАҒОН»
Ходима деворда ёзилган матндаги услубий хатони тан олмай уни кўрсатганларга қараб «сакради». Лаби лабига тегмай бидирлади: «Ҳужжатда шунақа. Бизга юқоридан худди шундай келган. Юқоридагилар хато ёзишмайди…»
Улар телефондан ҳужжат аслини топиб кўрсатишди. Унда сўзлар тўғри ёзилган эди.
Ходиманинг овози ўчиб, нафаси ичига тушиб кетди…
КАЛЛА
Уларга салла олиб келиш айтилган эди, калла олиб келишди.
Ҳамма ёқни бошсиз тана босиб кетди…
НАДОМАТ
Болаликдаги беғуборлик йиллар қаърига сингиб кетди.
Ёшлик асрай олмади уни…
СИЙРАТ
Унинг қўлида қалами, тилида сўзи бор.
Бинойидай ёзади.
Аммо одамгарчилиги йўқ…
КЕНЖА ФАРЗАНД
У кенжа фарзанд бўлишнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида эссе ёзди. Хулоса шундай бўлди: «Кенжа фарзанд бўлишнинг яхши томони – ўзбекларда ота-она кичик боласи билан яшайди.
Ҳар эрта тонг уни дуо қилиб, ишга кузатади. Ёмон томони эса…. Кенжа бола ота-онанинг ёшлигини кўрмайди… Ва энг ёмони… Ота-она кенжа фарзанд билан кам яшайди…»
Қоғозга бир томчи ёш тўкилди…
«СОВҒА»
У янги бошлиқнинг кўнглини овлаш учун «совға» олди. Бошлиқ қабул қилмади. Олди-берди қилиб юришга одатланган эмасми, ажабланди, ҳайрон қолди.
Мен эса ажабланмадим.
Ҳаётда ҳалолликни эътиқод билган кишилар кўп…
ИЛМ
Унда савлат бор, салобат ҳам. Ҳатто сиёсат ҳам бор. Аммо илм йўқ.
Кези келганда илмсизлиги савлати, салобати, сиёсатини бир тийинга қиммат қилиб қўяди…
Лола ЎРОҚОВА
The full article is being collected. Available text is shown for now.